Муқаддима
Оламлар Роббиси Аллоҳ таолога ҳамдлар бўлсин. Аллоҳдан бошқа илоҳ йўқлигига, У яккаю ягоналигига ва унга шерик йўқлигига ва Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам У зотнинг бандаси ва росули эканлигига гувоҳлик бераман. У зотга, ахли байтларига ва асҳоби киромларининг ҳаммасига Аллоҳ таолонинг салоту, саломлари бўлсин.
Ҳечкимга сир эмаски, ёшлик даври инсон ҳаётидаги энг муҳим давр ҳисобланади. Чунки бу вақт қувват, ғайрат, ҳаракатлар енгил ва аъзолар бақувват бўлган даврдир. Зеро инсон қанчалик қариса қуввати шунчалик заифлашиб боради.
Муқаддас ислом динимиз ҳам инсоннинг ёшлик даврига катта эътибор қаратган. Бу даврни улуғлаб, унинг муҳимлигини таъкидлаган хабарлар жуда кўп келган. Набийимиз соллаллоҳу алайҳи ва салламҳам ушбу даврни ғанимат билиб уни зое кетказишдан эҳтиёт бўлишга чақирганлар. Бунга қуйдаги ҳадис далил бўла олади: Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бир кишига насиҳат қила туриб: “Беш нарсани беш нарсадан олдин ғанимат бил: қариликдан олдин ёшликни, касаликндан олдин соғлиқни, камбағаликдан олдин бойликни, машғуликдан олдин бўшликни, ўлимдан олдин тирикликни” дедилар. (Имом Ҳоким ўз мустадракларида ривоят қилганлар).
Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг “ўлимдан олдин тирикликни ғанимат бил” деган гаплари ёшлик даврини ҳам ўз ичига олади, лекин У зот соллаллоҳу алайҳи ва саллам бу даврни алохида таъкидлаб хослаб қўйдилар. Шундай экан бизга бу вақтни нима билан ўтказаётганимизга эътибор бериб, бепарво бўлмаслигимиз лозим бўлади.
Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Одам боласиниг қадами Роббиснинг хузуридан беш нарса ҳақида сўралмагунича бир қадам ҳам силжимайди: умрини қандай ўтказганлиги, ёшлигини нимага сарфлаганлиги, молини қаердан касб қилганлиги ва қаерга сарфлаганлиги ва илмига қандай амал қилганлиги ҳақида” дедилар. Ахамият беринг Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам киши қиёмат кунида ҳаёти хақида иккита савол билан сўралиши хақида хабар бердилар: Биринчиси: умуман ҳаёти хақида бошидан охиргача. Ва иккинчиси: хоссатан ёшлиги хақида. Агарда инсон умрининг хаммаси хақида сўралса шуни ичида ёшлиги ҳақида ҳам сўралади, лекин умриниг бу даврининг ҳисоб-китоби алоҳида бўлади. Шунинг учун ҳам ёшларга бу даврни қанчалар муҳимлигини ҳис қилиб, Аллоҳ таоло қиёмат куни умриниг ҳаммасида қандай амал қилганлигини сўрашлиги билан бирга ёшлигидаги амалларнинг ҳисоб-китобини алоҳида қилишини ёдида сақлаши керак бўлади. Чунки бу давр юқорида зикр қилиб ўтганимиздай аъзолар куч-қувватга тўлган ва ҳаракатлар енгил бўлган даврдир.
Юқорида айтиб ўтилган ҳадиси шарифлардан кўриниб турибдики Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам аҳли илм ва ёшларнинг тарбияси билан шуғуланадиган кишиларга ёшларни тарбиясига катта эътибор беришга ундамоқдалар. Чунки ёшларимиз хар доим парваришга, меҳрга, тўғри йўлга бошловчига муҳтож бўладирлар. Зеро уларни ақидапараст оқимлар ўз тарафига оғдириб олмасинлар.
Шунинг учун ҳам саҳобаи киромлар бу масалага қаттиқ эътибор беришган. Абу Саид ал-Худрий розияллоҳу анҳу агар ёшларни кўрсалар: “Росулуллоҳнинг васиятлари ҳуш келибсизлар, Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бизга сизларни мажлисларимизга қўшишга ва сизларга ҳадис ўргатишга васият қилганлар. Албатта сизлар бизнинг ўринбосарларимиз ва биздан кейин ҳадис аҳлисизлар” дер эдилар. Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу агар ёшларни илм талаб қилётганини кўрсалар шундай дер эдилар: “Ҳикматнинг бошланишлари, зулуматнинг чироқлари, кийимлари жулдур, қалблари янги, қабилаларнинг райҳонлари ҳуш келибсизлар”.
Биз Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳадси шарифлари ва саҳобаи киромлардан қилинган ривоятлардан билиб олишимиз мумкинки, ёшлик инсон ҳаётида муҳим ўрин тутади. Шундай экан биз ёшлар ҳаётимизни ислом таълимотлари билан безашлигимиз лозим бўлади. Бунинг учун эса биз салафи солиҳларнинг ёшларга берган насиҳатларини ўрганиб уларга қўлдан келганча амал қилишимиз керак. Айнан шу сабаб ҳам бизни ушбу мақолалар туркумини ёзишга ундади. Биз келаси мақолаларда салафи солиҳларнинг ёшларга берган бир нечта насиҳатларини Аллоҳ қодир қилганича ўрганиб чиқамиз. Ассаламу алайкум ва раҳматуллоҳи ва барокатуҳ.
«Кўкалдош» ўрта махсус ислом билим юрти
3-курс талабаси Мухторов Маҳмуд тайёрлади