Юртимиздан етишиб чиққан буюк алломалардан бири Абул Муъин ан-Насафий ҳазратлари бўлиб, у зоти бобаракотнинг тўлиқ исмлари Маймун ибн Муҳаммад ибн Муҳаммад ибн Муътамад ибн Муҳаммад ибн Макҳул ибн ал-Фазл ан-Насафийдир. Ҳижрий 418 ёки 438 йил, милодий 1027 ёки 1028 йилда Мавороуннаҳр диёрида Насаф шаҳрида дунёга келганлар. Абдулкарим Самъоний Абул Муъин исмига «Ибсоний»ни ҳам қўшиб айтади ва Ибсон қишлоғи Қарши шаҳридан бир фарсаҳ (тахминан 5–6 чақирим) узоқликда жойлашганини таъкидлайди. Абул Муъин Насафий шу қишлоқда туғилган. Бу кишининг кунялари Абул-Муъийн, лақаблари эса «Аҳли сунна вал жамоанинг раиси», «Ҳақ ва дин қиличи», «Динсизларга зарба берувчи», «Мутакаллимлар (Ақоидшунослар) тили», «Зоҳид», «Фақиҳул Имом» бўлган. Унинг катта бобоси Макҳул Насафий (вафоти 930 й.) Имом Мотуридийнинг шогирдларидан эди. Бобоси Мўътамид ибн Макҳул Насафий эса ҳанафий олимлари орасида машҳур эди. Абул Муин бошланғич билимларни бобоси ва отасидан олади. Кейинчалик Абул Юср Паздавийга шогирд бўлади.
Абул Муъин ан-Насафийнинг биринчи устози отаси Муҳаммад ибн Муҳаммад бўлиб, у зот ҳам замонасининг етук уламоларидан саналган. Абул Муъин отасидан Абу Ҳанифанинг “Ал-олим вал мутааллим” китобини ривоят қилганлари манбаларда зикр этилган. Шунингдек, катта боболари Абул Маъолий Муътамад ибн Муҳаммад ҳам ўзининг отасидан ривоят қилгани ҳамда Абу Саҳл ал-Исфаройинийдан илм олгани, ундан “Ахбору Макка” китобини ривоят қилгани манбаларда келган.
Абу Муъийн Насафий ҳаёти давомида Мўтазилия, Карромия, Жаҳмия ва Ботинийлар каби фирқаларга раддия берганлар.
У киши қуйидаги китобларни таълиф этганлар:
1. “Ал-Умда фи усулил-фиқҳ” (“Фиқҳ усуллари таянчи”).
2. “Табсиратул-адилла фи илмил-калом” (“Калом илмидаги далиллар кўзгуси”).
3. “Ат-Тамҳид ли қавоидит-тавҳид фий илмил-калом” (“Калом илмидаги тавҳид қоидалар учун ягона китоб”).
4. “Олим ва мутааллим” (“Олим ва илм ўрганувчи”).
5. “Изоҳ ва маҳажжа ли кавнил-ақл ҳужжатан” (“Ақл далиллигини изоҳ ва ҳужжатлар билан асослаш”).
6. “Маноҳижул-аимма фил-фуруъ” (“Имомларнинг ҳуқуқшунослик бўйича тутган йўллари”).
7. “Муътақидот” (Эътиқодлар). Бу асарнинг бир қўлёзмаси ЎзР ФА Шарқшунослик институтида сақланмоқда.
8. “Баҳрул-калом” (“Калом денгизи”). Бу асар аллома ижодининг гултожи ҳисобланади. Асар ислом фалсафасини ташкил қилган калом илми бўйича энг қимматли манбадир. Унинг қўлёзмалари Дубай, Дамашқ, Искандария кутубхоналарида сақланмоқда. 1886 йили Бағдодда, 1908 йили Қоҳирада нашр этилган.
Абул Муъин ан-Насафий ҳаѐтининг кўп қисмини Самарқанд ва Бухорода илмий ижодий ишлар билан ўтказган. Шу даврлар орасида 15га яқин илмий асарлар таълиф этган бўлиб, жумладан: “Табсиратул адилла”, “Аттамҳид фи илм ат-тавҳид” ва “Баҳрул калом” асарлари шулардан энг машҳурлари саналади.
Ҳаёти давомида кўплаб шогирдларни тарбияладилар. Шогирдларининг энг машҳурлари қуйидагилар:
Нажмиддин Умар Насафий, Оловуддин Самарқандий, Абу Бакр Кошоний, Абу Музаффар Толқоний, Аҳмад Баздавий, Абул Ҳасан Балхий, Абул Фатҳ Халамийлар.
Бу киши Имом Мотурудийнинг «Тавҳид» номли китобларига асосланиб шогирларига дарслар ўтганлар. Ушбу китобга дарс мобайнида «Табсиратул адилла» китоби таълиф этилди. Ушбу китобни «Тавҳид» китобига шарх десак ҳам бўлади. Зеро, бу китобда «Тавҳид»да ёзилган оддий халқ учун нотаниш баъзи сўзлар шарҳланган.
Абул Муин Насафий аббосийлар ҳукмронлиги заифлашиб, инқирозга юз тутаёган даврда яшаб ижод қилди. Бу даврда сиёсий аҳвол анча кескинлашди. Бу ҳолат илм соҳасига салбий таъсир қилмади. Аксинча, юксак маданият маркази бўлган пойтахт Бағдодга беллашадиган Қуртуба, Қоҳира, Бухоро каби маданият ўчоқлари пайдо бўлди. Шундай илм-ирфон марказларида Абул Муин Насафийдек буюк олимлар етишиб чиқди.
«Кўкалдош» ўрта махсус ислом билим юрти
3-курс талабаси Жамолиддинов Ҳусанбой