Ҳадис ўрганувчи киши энг олий одоблар ва улуғ ахлоқлар билан сифатланиши лозим. Зеро, бу киши энг аввало нима ўрганмоқчи бўлганлигини ҳис қилиши ва шу илмга ўзини муносиб тутиши керак бўлади. Бу киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисларини ўрганмоқда. Шунга кўра, ҳадис толиби қуйидаги нарсаларга амал қилиши лозим бўлади:
- Ҳадис ўрганувчи энг аввало ниятини тўғри қилиши керак.
Шариъатимизда ҳар бир ишнинг аввали ниятга боғлиқ бўлади. Ният барча ишларнинг аввалидир. Ният яхши бўлса, амал ҳам яхши, ният ёмон бўлса, амал ҳам ёмон бўлади. Бу ҳақида ҳадиси шарифда шундай дейилган:
عَنْ عُمَرَ بْنِ الْخَطَّابِ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ، قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ:» إِنَّمَا الأَعْمَالُ بِالنِّيَّاتِ وَإِنَّمَا لإِمْرِئٍ مَا نَوَى… .«مُتَّفَقٌ عَلَيْهِ.
Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Албатта, амаллар ниятлар билан (эътиборлидир). Албатта, кишига ният қилган нарсаси бўлади…”, дедилар”. Муттафақун алайҳ.
- Ҳадис ўрганишда Аллоҳ таолога чин ихлосли бўлиши лозим.
Бизга маълумки, ҳар бир ибодатни мукаммал бўлиши учун, аввало ният ва ихлосга боғлиқ бўлади. Агар, ният ва ихлосимиз тўғри бўлса, ибодатларимизнинг натижаси ҳам ижобий бўлади. Агар ният ва ихлосга футур етадиган бўлса, бу ибодатларимиздан бизга заррача манфаъат бўлмайди. Бу ҳақида Қуръони Каримда бизларга шундай таълим берилган:
“Айтинг: “Мен Аллоҳга динни Унга холис қилган ҳолда ибодат қилишга буюрилганман” (Зумар сураси, 11-оят).
Бу оятда Аллоҳ таоло ўз пайғамбарига Аллоҳга қандай ибодат қилиш кераклигини таълим беряпти. Шунга кўра, барча ибодатларни фақат Аллоҳга ихлос қилган ҳолда қилишимиз керак. Ихлоснинг зидди, риё ва сумъадир, яъни, одамлар кўрсин ёки одамлар эшитсин, деган эътиқодда ибодат қилишдир. Ҳадиси шарифда шундай дейилган:
عَنْ أَبي هُرَيْرَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ، قَالَ: سَمِعْتُ رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ يَقُولُ: « قَالَ الله تَعَالَى: أنَا أغْنَى الشُّرَكَاءِ عَنِ الشِّرْكِ مَنْ عَمِلَ عَمَلاً أشْرَكَ فِيهِ مَعِي غَيْرِي تَرَكْتُهُ وَشِرْكَهُ ». رَوَاهُ مُسْلِمٌ.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шундай деяётганларини эшитдим: “Аллоҳ таоло: “Мен ширкдан шерикларнинг беҳожатроғиман. Ким бирор амални, унда мен билан бирга мендан бошқани шерик қилиб амал қилса, уни ҳам, ширкини ҳам тарк қиламан», деб айтди”. Муслим ривоят қилган.
Бир улуғ олимдан: “Мухлис (ихлосли одам) ким?”-деб сўралибди.
У олим: “Мухлис-ёмонликларни яширгани каби, яхшиликларини ҳам яширган кишидир”, деб жавоб берган экан.
Фузайл ибн Иёз: “Одамлар сабабли бир ишни тарк этиш-риёдир. Одамлар сабабли бир ишни қилиш эса, ширкдир. Аллоҳ таоло сени шу икковидан омон сақлаши ихлосдир”, деб айтган.
Шунга ҳадис ўрганадиган толиб, ниятини тўғри қилиб, Аллоҳга чин ихлос қилган ҳолда бўлиши лозим.
- Ҳадис ўрганишдан мақсади дунё матоларидан бирор нарсага эга бўлишидан сақланиши.
Бу ҳақида ҳадиси шарифда шундай дейилган:
عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ، قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ : « مَنْ تَعَلَّمَ عِلْماً مِمَّا يُبْتَغَى بِهِ وَجْهُ اللهِ لا يَتَعَلَّمُهُ إِلَّا لِيُصِيبَ بِهِ عَرَضاً مِنَ الدُّنْيَا ، لَمْ يَجِدْ عَرْفَ الجَنَّةِ يَوْمَ القِيَامَةِ ».يَعْنِي: رِيحَهَا . رَوَاهُ أَبُو دَاوُدَ.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким Аллоҳнинг розилиги исталадиган илмни фақатгина у билан дунё ғаразларидан бирига етиш учун таълим олса, қиёмат куни жаннатнинг ҳидини ҳам топмайди”, дедилар”. Абу Довуд ривоят қилган.
- Ўқиган ёки эшитган ҳадисларига амал қилиш.
- Ҳадис илмини ўрганишда Аллоҳ таолодан тавфиқни сўраши ва уни яхши фаҳмлашлиги учун Аллоҳ таолога доимо дуо ва илтижода бўлиши.
- Ҳадис ўрганишда бутун вужуди билан илмга боғланиши ва уни ҳосил қилишда ўз вақтини ва барча жидду ҳаракатини унга сарфлаши керак.
- Ҳадис ўқишни ўз юртидаги исноди пухта, илми комил бўлган устозлардан бошлаши лозим.
- Ўз шайхини, устозини улуғлаши лозим. Зеро устозини улуғлаши илмни улуғлашидир.
- Ҳадис толиби ўзининг шерикларидан ўзининг ютуқларини беркитмаслиги ва уларга ҳам қўлидан келганича ёрдам бериши.
- Илм ҳосил қилиш учун ҳаракат қилишдан уни ҳаё ва кибр уни тўсиб қўймаслиги. Гарчи устози ундан ёш ёки мартаба жиҳатидан пастроқ бўлсада, ундан илм олишга интилиш лозим.
- Ҳадис ўрганувчи ҳадисни эшитиб ва ёзиб олиш билан кифояланиб қолмасдан, балки уни яхши фаҳмлашга интилиши лозим.