Ваҳий орқали нозил қилингаан охирги рисолат асоси Ислом рисолати бўлиб, у бу дунё ва охират ҳаётини ислоҳ этиш йўли кўрсатиб туради. Маданий тараққиёт ва юксалиш асослари кўп. Улар шон-шуҳрат, маданият ва фаровон турмуш тарзини барпо этишнинг юксак шаклларидир. Мусулмон уммати бу омиллар аҳамиятини теран англаб, Роббиси шариати ва Қуръон карим кўрсатмаларини маҳкам тутишади. Аллоҳ таоло тақводор мўминлар ҳақида:
«Улар ўз ҳузурларидаги Таврот ва Инжилда ёзилган ҳолида топиладиган, уларни яхшиликка буюриб, ёмонликдан қайтарадиган, уларга покиза нарсаларни ҳалол қилиб, нопок нарсаларни ҳаром қиладиган, устларидаги юкни енгиллатиб, кишанларни ечадиган саводсиз Набий, Пайғамбарга эргашурлар. Бас, унга имон келтириб, ёрдам бериб ва уни қўллаб-қувватлаган ҳамда унга нозил бўлган нурга эргашганлар – ана ўшалар нажот топгувчилардир», деди. Сен: «Эй одамлар, албатта, мен сизларнинг барчангизга, осмонлару ернинг мулки Уники бўлган, Ундан ўзга илоҳ йўқ бўлган ва тирилтириб ўлдирадиган Аллоҳнинг Пайғамбаридирман. Бас, Аллоҳга ҳамда Унинг Аллоҳ ва Унинг калималарига имон келтирадиган саводсиз Набийсига иймон келтиринг. Ва унга эргашинг, шоядки, ҳидоят топсангиз», деб айт». [1]
Мазкур оятдан Набий алайҳиссаломнинг дастлабки сифатлари росуллик ва набийлик эканини билиб олиш мумкин. Яъни, у зот нубувват ва рисолат мартабасини ўзларида жамлаганлар. Бундан у зот фойда олиш билан фойда беришни, саодат аҳлининг энг олий мақоми саналган шахсий камолотга эришиш баробарида бошқаларни ҳам камол топтириш мақомларини бирлаштирганлари маълум бўлади. Аллоҳ таоло Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни «уммий» – саводсиз дейиш орқали олдиндан ўқиш-ёзишни билмаслигини айтиб, шу орқали у зотнинг барча илм-маърифати ёлғиз Аллоҳ таолонинг ҳузуридан эканига ишора этади. Ушбу Ислом рисолати яхшиликка буюриш, бундан мақсад гўзал хулқ, яхши хислатларга ундаш ва ёмонликдан қайтариш, яъни, шариат, урф, анъана ва ақлга кўра, ёмон деб қаралган бемаъни ишлардан қайтариш, пок ва тоза нарсаларни ҳалол қилиш, ифлос (зарарли, истеъмоли таъқиқланган) нарсаларни ҳаром қилиш, у зотга эргашувчилардан турли оғир ибодатлар, бездирадиган мажбуриятларни соқит қилиш кабиларни ўз ичига олади ва у зотга эргашганларгина абадий раҳматга эришади. Пайғамбаримизнинг рисолатлари бутун дунё учун умумий бўлиб, бу умумийлик барча инсонларни ва жинларни ҳам ўз ичига қамраб олади. Росулуллоҳ алайҳиссаломдан олдинги-ю кейинги пайғамбарлар фақат у зотгагина эргашишлари мумкин, холос. Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Агар ораларингизда Мусо тирик бўлганида у ҳам фақат менга эргашган бўлар эди»,[2] дедилар. Яъни, бу билан Мусо алайҳиссалом ва бошқалар, ҳатто Исо Масиҳ каби улуғ пайғамбарлар ҳам рисолатим ва шариатимга иймон келтиришда менинг издошларим бўлишар эди, демоқчилар. Ислом рисолатининг шу каби буюк ва абадий қоидалари борки, унга кўра Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга эргашувчилар қолган пайғамбарларнинг издошларига қараганда ҳақли равишда кўпчиликни ташкил этади. Имом Бухорий ва Имом Муслим Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Бирор бир Пайғамбар йўқки, уларга берилган мўжизаларнинг ўхшашларига инсонлар иймон келтирмаган бўлса. Менга берилган мўжиза Аллоҳнинг менга ваҳий қилган ваҳийсидир. Қиёмат куни улар орасида эргашувчиси энг кўпи мен бўлишимни умид қиламан», деганлар.
Бошқа шариат ва умматлар билан қиёслаб кўрилса, Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам рисолатларининг энг муҳим ва асосий хусусиятларидан бири васатия – мўьтадиллик ҳисобланади. Аллоҳ таоло: «Шунингдек, сизларни одамлар устидан гувоҳ бўлишингиз ва Пайғамбар сизларнинг устингиздан гувоҳ бўлиши учун ўрта миллат қилдик»,[3] дейди. Абул Ҳасан Қобисий роҳматуллоҳи алайҳ бу оят ҳақидаги фикрини шундай келтиради: «Аллоҳ таоло бу оятда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ва умматларининг фазлини баён қилиб берди. «Шунингдек ҳар бир умматдан бир гувоҳ келтириб, сени уларнинг ҳаммасига гувоҳ қилиб келтирган чоғимизда ҳол қандоқ бўлур?»[4] оятида ҳам ана шу маъно ўз ифодасини топган. Биринчи оят Ислом умматининг адолатга риоя этиши билан ажралиб туришини ва умматларнинг энг яхшиси эканини таъкидлаб ўтади. Бунинг умумий маъноси қуйидагича: Сизларни ҳидоят қилдик ва энг яхши, одил умматга айлантирдик. Бошқа умматлардан афзал қилиб, хосладик. Сизлар Пайғамбарларга умматлари олдида гувоҳликка ўтасиз. Росулуллоҳ эса сизларнинг ростгўй эканингиз тўғрисида гувоҳлик беради. Иккинчи оятнинг мазмуни қуйидагича: қачонки, Аллоҳ таоло ҳар бир умматдан ўз умматига гувоҳ бўладиган пайғамбарни ҳозир қилса, қавмларига рисолатларини қай тариқа етказганларини исботлаш учун Муҳаммад алайҳиссаломни гувоҳ қилиб келтиради. Бундан ташқари, у зот ўз умматлари орасидаги солиҳлар ва авлиёларнинг ростгўйликларига ҳам гувоҳлик берадилар. Солиҳ ва авлиё зотлар ёлғончига чиқарувчи умматларга қарши пайғамбарларни ёқлаб, илоҳий рисолатни тўла-тўкис етказганларига ҳам гувоҳ қилинадилар. Пайғамбаримиз алайҳиссалом Аллоҳ таолонинг:
«Иймон келтирганларга Роббилари ҳузурида улар учун собитқадамлик борлигининг хушхабарини бер»[5], деган сўзига биноан умматлари ичидан солиҳ зотларни шафоат қиладилар ва бу шафоатлари ижобат этилади. Қатода, Ҳасан Басрий ва Зайд ибн Аслам мазкур оятдаги «улар учун собитқадамлик» маъносидаги иборани Робби ҳузурида Пайғамбаримизнинг уларни шафоат қилишлари, деб шарҳлайди. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам содиқ ва сиддиқ зотлар имоми, пешвоси, эргаштирувчиси, катта шафоат ва бошқа ҳолатларда барча сўраганлари ижобат этиладиган, шафоати мақбул пайғамбардир. Бу фазилатлар Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васаллам вафотларидан кейин пайғамбарлар ичида ўрнак олиш, эргашиш, шариат йўлини тутиб, изидан боришга, Яратганнинг ҳузуридан келтирган ҳар бир амр ва хитобга амал қилишга энг ҳақлисига айлантиради. Аллоҳ таоло Росулимизни умматлари номидан энг яхши мукофотлар билан мукофотласин!
(Давоми бор)
[1] Аъроф сураси, 157-158-оятлар.
[2] Имом Аҳмад «Муснад»ида келтирган.
[3] Бақара сураси, 143-оят.
[4] Нисо сураси, 41-оят.
[5] Юнус сураси, 2-оят.