Сийрат китобларидан биламизки, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам дунёда зоҳидона ҳаёт кечирдилар. У зот ўз ҳаётларида дунёга берилмадилар, унга мойил бўлмадилар, ҳатто парво ҳам қилмадилар. Роббисининг алданиб қолмаслик ҳақидаги амри ва қайтариғига итоат этиб, дунё зебу зийнатларидан юз ўгирдилар. Аллоҳ таоло айтади:
«Кўзларингни уларнинг айримларини синашимиз учун биз баҳраманд қилган дунё ҳаётининг турли зийнатларига тикмагин. Роббингнинг ризқи яхши ва боқийдир»[1].
Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг зуҳдларини тасдиқлайдиган бир қанча ҳаётий лавҳаларидан мисолларни келтирамиз.
Имом Аҳмад, Бухорий, Насоий ва Ибн Можа ривоят қилади: «Набий алайҳиссалом вафот этганларида, совутлари қарамоғидагилар нафақаси учун гаровга қўйилган эди». У зот дуо қилганларида: «Эй Аллоҳ! Муҳаммад оиласининг ризқини кифоя даражасидан оширма», дер эдилар. «Кифоя даражаси» деганда Аллоҳ таолонинг ибодатини адо этишга етарли ўлмас овқатни тушунилади. Имом Муслим «Саҳиҳ»ида Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилади: «Росулуллоҳ то вафот этгунларига қадар уч кун кетма-кет тўйиб нон емадилар». Имом Бухорий ва Муслим келтирган ривоятда: «Икки кун кетма-кет арпа нонга тўймадилар. Агар хоҳласалар, Аллоҳ азза ва жалла у зотга хаёлга келмайдиган егуликларни ато қилар эди», дейилган.
Имом Бухорий ва Муслим келтирган бошқа ривоятда: «Росулуллоҳнинг оилалари у зот Аллоҳ азза ва жаллага йўлиққунча буғдой нонга тўймади», дейилган. Имом Муслим Оиша розияллоҳу анҳодан келтирган ривоятда: «Росулуллоҳ (вафотларидан кейин) на динор, на дирҳам, на қўй ва на туя қолдирдилар», дейилган. У зот дунё ва охират бахт-саодати ва нажотига олиб борадиган Қуръон ва суннатни қолдирдилар. Ким уларга оғишмай амал қилса, жаннат хазиналарини қўлга киритади. Имом Бухорий Амр ибн Ҳорис розияллоҳу анҳудан ривоят қилади: «Росулуллоҳдан бор-йўғи аслаҳа-анжомлари, хачирлари ва садақа қилган ерлари қолди»[2].
Оиша розияллоҳу анҳо айтади: «У зот вафот этганларида уйимда токчамдаги озроқ арпадан бошқа тирик жон ейдиган озиқа йўқ эди.[3] У зот: «Менга Макканинг кенг ўзани (даги қум ва тошлар) ни тиллага айлантириш таклиф қилинди. Мен: «Йўқ, эй Роббим, бир кун оч қолиб, сабр қиламан, бир кун тўқ бўлиб, шукр қиламан. Оч қолган кунимда сенга ёлвораман, дуо қиламан. Тўқ бўлган кунимда сенга ҳамд ва сано айтаман», дедилар. Бу камолат аҳли бўлган анбиё ва авлиёлар мақомидир.
Иймон икки қисмдан иборат: ярми сабр, ярми шукр. Аллоҳ таолонинг: «Албатта, бунда ҳар бир ўта сабрли ва ўта шукрли учун оят-белгилар бордир»[4], деган сўзи ана шунга ишора қилади.
«Икки саҳиҳ»да келтирилган ривоятда Оиша розияллоҳу анҳо: «Биз Муҳаммад оиласи бир ойлаб (қозонимизга) олов ёқмас эдик. Егулигимиз фақат хурмо ва сув эди», деб хотирлайди.
Имом Термизий ва Баззор Абдурраҳмон ибн Авф розияллоҳу анҳудан ривоят қиладилар: «Росулуллоҳ вафот этгунларича ўзлари ҳам, аҳли байтлари ҳам арпа нонни тўйиб емадилар».
Имом Ибн Можа ва Термизий Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилади: «Росулуллоҳ ва аҳллари кетма-кет тунларни овқатланишга егулик топа олмай оч ўтказар эдилар».
Имом Бухорий Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилади: «Росулуллоҳ хонтахтада ва ликопчада[5] тановул қилмадилар ва у зотга (махсус) юмшоқ нон пишириб берилмади. Териси шилинмасдан қовурилган қўйни кўрмадилар»[6]. «Икки саҳиҳ»да келтирилган ривоятда Оиша розияллоҳу анҳо: «У зотнинг ухлайдиган тўшаклари ичига хурмо барги солиниб, ошланган теридан бўлган», деб уй жиҳозларини таърифлайди.
Имом Термизий Ҳафса розияллоҳу анҳодан ривоят қилади: «Росулуллоҳнинг уйларидаги тўшаклари дағал мато[7] эди. Биз уни буклаб, икки қават қилар эдик. Ўшанда ухлар эдилар. Бир кеча буклаб, тўрт қават қилдик. Тонг отгач: «Бу кеча менга нимани тўшадингиз?», дедилар. Биз қилган ишимизни айтдик. У зот: «Ўз ҳолига қайтаринглар. Унинг юмшоқлиги шу кеча мени намозимга халақит берди», дедилар.
Икки шайх, Термизий, Ибн Можа келтирган ривоятда: «У
зот баъзан ипдан тўқиб, ясалган сарир[8]
устида ухлар, (ботиб кетганидан) ёнбошларида унинг изи қолар эди», дейилган.
Оиша розияллоҳу анҳодан[9]
ривоят қилинади: «Набий солаллоҳу алайҳи васалламнинг қоринлари ҳеч қачон тўқ
бўлмаган. Бирор кишига шикоят ҳам қилмаганлар. У зот фақирликни бойликдан афзал
кўрганлар. Оч-наҳор юриб, туни билан очликдан қийналсалар ҳам, аммо бу кундузи
тутадиган рўзаларига халақит қилмасди. Агар у зот Роббисидан ернинг жамики
конлари, мевалари ва тўкин ҳаётини сўрасалар, албатта берарди. У кишидаги бу
ҳолатни кўриб, раҳмим келганидан йиғлар эдим. Очлик (оғриғи) дан қўлим билан
қоринларини силаб: «Жоним сизга фидо бўлсин! Дунёдан ўзингиз учун ҳеч бўлмаса
етарли егулик олсангиз-чи?», десам, у зот: «Эй Оиша, дунёга юзланишнинг менга
нима кераги бор. Азму қарор, матонат эгаси бўлган пайғамбар биродарларим бундан
ҳам оғирроғига сабр қилиб, яшаб ўтишди. Роббилари ҳузурига боришганда уларни
икром қилиб, савобларини кўпайириб берди. Агар ҳузур-ҳаловатда яшашни танласам,
эртага уларнинг мартабасидан мартабам пастроқда бўлишидан уяламан. Менга
биродарларим ва қадрдон дўстларимга ктишишдан ҳам кўра яхшироқ нарса йўқ»,
дедилар». Оиша онамиз айтади: «Шу сўзни айтганларидан кейин бир ой ўтиб вафот
этдилар». Пайғамбаримиз энг улуғ пайғамбарлар сабр қилгандек сабр қилдилар. У
зотнинг шиорлари «Ла ҳавла ва ла қуввата илла биллаҳ»[10]
эди. У зотга Аллоҳнинг чексиз саловат ва саломлари бўлсин!
[1] Тоҳа сураси, 131-оят.
[2] У зот: «Биз анбиёлар жамоаси мерос қолдирмаймиз. Қолдирган нарсамиз садақадир», деганлар.
[3] Имом Бухорий ва Муслим ривояти.
[4] Сабаъ сураси, 19-оят.
[5] Таом билан қўшиб ейиш учун кичик идишларда келтириладиган иштаҳа очувчи, ҳазм қилувчи нарсалар.
[6] Қўйни шариатга мувофиқ ҳолатда сўйиб, ичидаги нажосатларни чиқаргандан кейин иссиқ сув билан жунини тозалаб, шундан сўнг қовуриб пиширилган гўшт назарда тутилган. Бунинг учун одатда барра қўзилар танланган. Шарият қўйган талабларга риоя қилингандагина бундай гўшт ҳалол бўлади. Калла-поча ва товуқлар ҳукми ҳам шунга ўхшашдир. Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам кўп нарсалардан зуҳд қилиб ўтганлар.
[7] Кигизга ўхшаган тўшанчи.
[8] Хурмонинг узун баргларини эшиб, тайёрланган ипни тўрсимон шаклда тўқиб ишланган каравотга ўхшаш нарса. Одат унинг устига тўшак солиб ётилган.
[9] Дулажий: «Бу ҳадисни ким ривоят қилганини билмадим. Лекин Ибн Абу Ҳотим «Тафсири»ида баъзи қисмини Оиша онамиздан ривоят қилган» деган.
[10] Куч, қувват фақат Аллоҳ биландир.