Рамазон ойи жуда ҳам улуғ ва фазилатли ой бўлиб, бу ой сабабли инсонлар кўплаб яхшиликларга эга бўлишади. Бу ойда бошқа ойларда топилмайдиган кўплаб хусусиятлар бор. Ҳадисларда рўзадорларга бериладиган жуда ҳам кўп савоб ва яхшиликлар баён қилинган. Жумладан, рўзадорнинг гуноҳлари кечирилиши, савоблари зиёда қилиниши, жаннатга алоҳида Райён номли эшикдан киришлари, рўза соҳибини шафоат қилиши ва бошқа кўплаб фазилатлар зикр қилинган.
Ҳар биримиз бирор амални қилар эканмиз, албатта бунинг учун кўплаб савобларга эга бўлишни хоҳлаймиз. Бунинг учун эса, қилаётган ибодатимизни мукаммал тарзда адо қилишга интилишимиз лозим. Шунга кўра, рўза тутмоқчи киши қуйидагиларга амал қиладиган бўлса, зиммасидаги фарзни адо қилиш билан бирга кўплаб ажрларга эга бўлади:
Рўза тутишни ирода қилган киши энг аввало холис Аллоҳ учун рўза тутишни ният қилиши лозим.
Аллоҳ таолога ибодат қилишда энг аввало ният ва ихлосли бўлиш шарт қилинган. Чунки, бандаларнинг қандай ибодат қилишлари ва қандай савобга эга бўлишлари ҳам шу ихлосга боғлиқ бўлади. Чунки, инсоннинг ҳар бир қилган иши ниятига қараб бўлади. Ҳар бир мусулмон ихлоси ва ниятига қараб ажр-мукофотга эга бўлади. Ҳадиси шарифда бундай дейилган:
.عَنْ عُمَرَ بْنِ الْخَطَّابِ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: إِنَّمَا الأَعْمَالُ بِالنِّيَّاتِ وَإِنَّمَا ِلإِمْرِئٍ مَا نَوَى… مُتَّفَقٌ عَلَيْهِ
Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Албатта, амаллар ниятлар билан (эътиборлидир). Албатта, кишига ният қилган нарсаси бўлади…..», дедилар». Муттафақун алайҳ.
Шунингдек, Аллоҳ таоло Қуръони Каримнинг кўп жойида бандаларини ибодатни ихлос билан адо қилишга амр қилган:
…إِنَّا أَنْزَلْنَا إِلَيْكَ الْكِتَابَ بِالْحَقِّ فَاعْبُدِ اللَّهَ مُخْلِصًا لَهُ الدِّينَ . أَلَا لِلَّهِ الدِّينُ الْخَالِصُ
«(Эй, Муҳаммад!) Албатта, Биз Сизга бу Китобни ҳақиқатан нозил қилдик. Бас, Аллоҳга Унинг дийнига ихлос этган ҳолда ибодат қилгин. Огоҳ бўлинг! Ҳолис дийн Аллоҳгадир….». (Зумар, 2,3-оят).
Аллоҳнинг динига ихлос билан ибодат қилиш – Фақат Аллоҳни ва унинг розилигини қасд қилиб ибодат қилиш деганидир. Аллоҳга ихлос қилиш барча ибодатларда бўлиши керак.
Шунинг учун фақатгина Аллоҳнинг розилигини ният қилган ҳолда рўза тутиш лозим. Фақатгина дунёвий манфаат сабабли, масалан, иродасини кучайтириш ёки ортиқча вазндан халос бўлиш каби нарсаларни ният қилиб рўза тутиш тўғри бўлмайди. Чунки бундай ният билан рўза тутишда савоб бўлмайди, балки ният қилган нарсасининг ўзи бўлади. Холис Аллоҳ таолонинг розилигини ният қилган киши эса кўплаб ажр-мукофотларга эга бўлади.
Рўзанинг фарзи бўлмиш ейиш, ичиш ва аёли билан жимоъ қилишдан сақланиш билан бирга барча аъзоларини ҳар қандай гуноҳ иш қилишдан сақлаши.
Мусулмон киши ҳар доим гуноҳ қилишдан, жумладан тил орқали бўладиган, ёлғон, бўҳтон, ғийбат, чақимчилик каби гуноҳларни содир қилишдан сақланиши лозим. Бу ҳақида шариатимизда турли хил кўрсатмалар ворид бўлган:
عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِيَ اللَّهُ عَنْهُ، قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: «مَنْ لَمْ يَدَعْ قَوْلَ الزُّورِ وَالْعَمَلَ بِهِ فَلَيْسَ لِلَّهِ حَاجَةٌ فِي أَنْ يَدَعَ طَعَامَهُ وَشَرَابَهُ». رَوَاهُ الْبُخَارِيُّ
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким ёлғон сўзни ва унга амал қилишни тарк қилмаса, унинг таоми ва ичимлигини тарк қилишида Аллоҳ учун эҳтиёж йўқ (яъни, бу ишининг Аллоҳга кераги йўқ)”, дедилар”. Бухорий ривоят қилган.
Пайғамбиримиз алайҳиссаломнинг ушбу ҳадисларида рўза тутган одамнинг ёлғон гапиришдан сақланишига тарғиб қилишлари, бу рўзадор учун яна ҳам таъкидлаш учундир. Уламоларимиз, ҳадисда зикр қилинган “ёлғон сўз” нинг остига ғийбат, бўҳтон, чақимчилик, сўкиш, ҳақорат каби тил орқали содир бўладиган гуноҳлар ҳам киради, дейишган. “Унга амал қилиш” деганда шариъатга хилоф бўлган барча гуноҳ ишлар тушунилади. Қози Иёз ушбу ҳадиснинг шарҳида қуйидагиларни айтган: “Рўзадан кўзланган нарса шаҳватларни синдириш, нафсни жиловлашдир. Агар рўзадорда ушбу нарсалар ҳосил бўлмаган бўлса, унинг рўзасининг эътибори йўқдир. Ҳадиси шарифдаги “Аллоҳ учун эҳтиёж йўқ” деган сўз “унга илтифот қилмабди”,“ундан қабул қилмабди” маъносидадир. Чунки у рўзадан бошқа пайт мубоҳ бўлган ейиш- ичишнигина тарк қилиб, ҳамма пайт ҳаром бўлган гуноҳларни содир этиб турган бўлса, қандай қилиб илтифотга сазовор бўлсин”.
Яна бир ҳадисда бундай дейилган:
عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِيَ اللَّهُ عَنْهُ، يَقُولُ: قَالَ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: «إِذَا كَانَ يَوْمُ صَوْمِ أَحَدِكُمْ فَلَا يَرْفُثْ يَوْمَئِذٍ وَلَا يَصْخَبْ فَإِنْ سَابَّهُ أَحَدٌ أَوْ قَاتَلَهُ أَحَدٌ فَلْيَقُلْ: إِنِّي امْرُؤٌ صَائِمٌ». رَوَاهُ أَحْمَدُ.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Сизлардан бирингизнинг рўза куни бўлса, шу кунда беҳаё сўзларни гапирмасин ва бақир-чақир қилмасин. Агар биров у билан сўкишмоқчи ёки уришмоқчи бўлса, “мен рўзадорман”, деб айтсин”, дедилар”. Аҳмад ривоят қилган.
Мана бу ҳадиси шарифда ҳам рўза тутган киши ҳар хил бемаъни сўзларни гапириши ва бақир-чақир қилиб одамларга азият беришидан қайтариляпти. Шунингдек, бошқа киши томонидан унга шу каби гуноҳ ишлар содир бўлса ҳам, бунга сабр қилиб, рўзадор эканини эслатиб қўйиши тавсия қилинмоқда. Бундан кўринадики, рўзадор киши ҳар қандай ҳолатда бўлса ҳам гуноҳ қилишдан ўзини асраши лозим экан.
Бошқа бир ҳадиси шарифда шундай дейилган:
عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِيَ اللَّهُ عَنْهُ، قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ : «كَمْ مِنْ صَائِمٍ لَيْسَ لَهُ مِنْ صِيَامِهِ إِلَّا الْجُوعُ وَكَمْ مِنْ قَائِمٍ لَيْسَ لَهُ مِنْ قِيَامِهِ إِلَّا السَّهَرُ«. رَوَاهُ أَحْمَدُ.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Қанчадан қанча рўзадорлар борки, уларга рўзасидан очликдан бошқа нарса бўлмайди. Қанчадан қанча тунларда ибодатга қоим бўладиганлар борки, уларга уйқусизлигидан бошқа нарса бўлмайди”, дедилар”. Аҳмад ривоят қилган.
Саҳарлик ва ифторликда ҳаддан зиёд кўп овқат емаслик ва ҳаром ёки шубҳали таомлар тановул қилмаслик.
Саҳарлик қилишда кундуздаги очликдан ё чанқоқликдан қўрқиб кўп овқатланиб қўйиладиган бўлса, бадан оғирлашади, натижада рўзадор киши кўп ухлайдиган бўлиб қолади. Шунингдек, ифторликда ҳам кўп овқат еб қорнини тўйдиришдан сақланиш. Баъзилар саҳарликда ҳаддан зиёд кўп еб ичганидан очлик ва чанқоқликни ҳис қилмаслиги ҳам мумкин. Бу улкан хато ва рўзанинг ҳикматига зид иш ҳисобланади. Зеро, рўзадан кўзланган мақсадлардан бири очликни ҳис қилиб кўришдир. Шунингдек, ҳалол таом ейишга шариатимиз буюрган. Бу фақатгина рўза пайтдагина эмас, балки доимо ҳалол ризқ талаб қилишимиз лозим. Рўза пайтида Аллоҳ ҳалол қилган таомлардан тийилиб, ифтор вақтида ҳалол бўлмаган таомларни тановул қилишини қандай тушуниш мумкин. Чунки, рўзадорнинг мақсади улкан савобларга эга бўлиш бўлса, бунинг учун шубҳали бўлган нарсалардан ҳам сақланиши лозим бўлади.
Хулоса ўрнида айтадиган бўлсак, ҳар бир киши рўза тутар экан, бу рўзаси Аллоҳнинг ҳузурида қабул бўлишини ва эвазига кўплаб ажрлар олишини умид қилади. Бунинг учун нафақат еб-ичишдан тийилиш, балки, кўз, қулоқ, тил, қўл, оёқ ва бошқа барча аъзоларини гуноҳ ишлардан сақлаши лозим бўлади. Рўза тутиб олиб, гуноҳларни қилаверадиган бўлса, фақатгина оч ва ташна бўлганидан бошқа нарса бўлмас экан. Лекин, минг афсуслар бўлсинки, инсонлар орасида шундай кишилар ҳам бор. Рўзадор бўлган ҳолида ғийбат, чақимчилик, ёлғон гапириш каби гуноҳлар билан машғул бўлади ёки бошқаларга азият беришда давом этади. Имом Тийбий раҳимаҳуллоҳ: “Рўзадор киши савоб умидида рўза тутмаса ёки ёлғон, бўҳтон, ғийбат каби гуноҳ ишлардан тийилмаса, унга очлик ва ташналикдан бошқа нарса ҳосил бўлмайди. Рўза зиммасидан соқит бўлсада, ҳеч қандай савобга эга бўлмайди”, деб айтган. Шунинг учун рўза тутаётган барча киши ўзини ислоҳ қилиши, гуноҳлардан сақланиши лозим.
Аллоҳ таоло барчамизнинг тутаётган рўзамизни даргоҳида қабул қилсин. Гуноҳлардан тийилишимизни барчамизга насиб айласин.
Манбалар асосида “Кўкалдош” ўрта махсус
ислом билим юрти ўқитувчиси
Мадаминов Шокиржон тайёрлади.