Иккинчи қурбонлик қиссаси эса қўйидагича содир бўлган:
Қусай ибн Килоб Исмоил алайҳиссаломнинг зурриёдларидан эди. Қавми ичида гўзал ахлоқ, доно ақл ва инсонийлик билан танилган шарафли кишилардан эди. Хузоъа қабиласида Ҳулайл исмли киши бўлиб у обрўйи юқорилиги сабаб Каъбанинг ходими ҳисобланарди. У киши Қусайни ёқтириб қолиб ўзининг Ҳубо исмли қизини унга никоҳлаб беради. Уларнинг никоҳидан Абдуддор, Абдуманоф ва Абдулуззо исмли фарзандлар дунёга келади. Ҳулайл ўлим соатлари яқинлашганини сезгач “Каъба хизмати”дек шарафли вазифасини Қусай ибн Килобга мерос қолдиради. Чунки унинг ақл-фаросати жойида ва олийнасаб киши эди. Шу тариқа Макка бошқаруви Хузоъа қабиласидан Қурайш қабиласига ўтди. Қусай илк қилган иши бўлиниб кетган Қурайш қабилаларини барчасини Макка шаҳрига жамлайди ва уларга хонадонлар тақсимлаб беради. Уларнинг баъзилари Макка теккисликларига, баъзилари тоғ этакларига, баъзилари эса Макка атрофларига ва яна баъзилари водий сувлари йўлига яқин жойларга тушишди. Сўнг Қусай ибн Килоб Каъба ёнига бир кенг бино қурди ва уни “Дарун Надва” (яъни йиғилиш уйи) деб номлади. Бу жойда қавм никоҳ, талоқ, уруш, омонлик, сафар, муқимлик ва бошқа муҳим масалаларда муҳокама учун тўпланадиган бўлишди.
Қусай ўткир фикрли ва қавмининг машваратига эътиборли инсон эди. Бир кун фақир ва қашшоқ инсонлар учун егулик ва ичимликлар бериш таклифи билан чиқди. Улар Қусайнинг фикрига қўшилишди ва ҳар бир хонадон маълум бир миқдорда таом ва ичимликни Қусайга топширишга келишиб олишди. Шу йўсинда Қусай ўз ишларини ва хизматини олиб борди. Ундан ўғли Абдуманофга, сўнг унинг ўғли Ҳошим, ундан кейин Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг боболари Абдулмуттолибга бу вазифани бажариш етиб келди.
Абдулмуттолиб Замзам қудуғини қазиш ишларини бошлади. Чунки бу қудуқни Журҳум қабиласи Маккадан бош олиб кетишида тупроққа тўлдириб кетганди.
Абдулмуттолиб ёлғиз фарзандли инсон эди, шу сабаб қудуқни қайта қазиш учун қавмига юзланди. Қавми эса унга рад этди, ўзларининг бола-чақалари кўплиги билан фахрландилар. Сўнг ўзи якка ўғли Ҳорисни олиб қудуқ қазишга кетди. Ўзининг кўмакчи ва суянчиқлари кам бўлгани учун бир куни: “Агар менга Аллоҳ ўнта ўғил берса ва уларни бекаму кўст қолдирса бирисини Унинг йўлида қурбонлик қиламан”, деб қасам ичади.
Кун келиб Аллоҳ унга ўнта паҳлавон йигит берди. Улар Ҳорис, Зубайр, Абу Толиб, Абдуллоҳ, Ҳамза, Абу Лаҳаб, Файдоқ, Муқаввим, Зирор, Аббослар эди. Ўнинчи фарзанди вояга етганда Абдулмуттолиб барча ўғилларини жамлаб ичган қасамининг хабарини берди ва шу қасамига вафо қилишларига чақирди. У Каъба ичидаги жоҳилият бутларидан бири “Ҳубал”ни олдига кирди. Фолчига[1] қараб: “Мени ўғилларимга “найза фол”[2] ташла!”, деди. Фолчига ичган қасамини айтади ва ўғилларининг исмлари ёзилган найзачаларни беради. Сўнг фолбин чўпларни ташлаган вақтда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг оталари Абдуллоҳнинг исми чиқади. Ваҳоланки, Абдуллоҳ отаси Абдулмуттолиб ва ака-укаларининг энг суюкли ва қалбга яқин фарзанди ва жигари эди. Буни кўриб қавми Қурайш ва фарзандлари Абдуллоҳни қурбон қилмасликни, балки Ҳижозга бориб юлдузлар билан фол очадиган, жинларни бўйсундирган башоратчи аёлдан бунга ечим сўрашни, агар қурбон қиласан, деса қурбон қилишини ёки енгилроқ бошқа ишга буюрса, қабул қилишини маслаҳат беришди.
Абдулмуттолиб ўғли Абдуллоҳ ва яна бир неча кишини олиб Ҳижозга йўл олади. Улар фолбин аёлнинг маскани Мадинаи Мунавваранинг шимолида жойлашган Хайбар ҳудудига етиб боришди. Унинг олдига кириб ичган қасами ва найза фоллари ҳақида батафсил сўзлаб беришади. Аёл уларга қараб “Сизларда одам ўлдирилганнинг дияси қанча?” дейди. Улар “Ўнта туя жарима(жазо) тўлайди”, дейишади. Фолбин аёл “Ундай бўлса шаҳрингизга бориб ўнта туя ва ўғлингизни олинг ва иккисига фол ташланг. Агар чек(найза) ўғлингизга чиқса, туянинг сонини то Роббингиз рози бўлгунча зиёда қилаверасиз. Шунда чек туяга чиқиб туя қурбонлик қиласиз”, дейди. Бу ечимни эшитган Абдулмуттолиб ўзида йўқ хурсанд бўлади ва Маккаи Мукаррамага қайтиб келади.
Абдулмуттолиб ўнта туяни келтириб найза-фол ташлайди. Фол яна Абдуллоҳнинг исмига чиқади. Ота яна ўнта туя қўшиб фол ташлайди ва яна Абдуллоҳнинг исми чиқади. Шу зайлда фол ташлайвериб туяларнинг сони юзтага етганда чек туяга чиқади. Абдулмуттолиб бунга қалбида унчалик розилик сезмайди ва қатъий туриб “Йўқ, Аллоҳга қасам мен яна уч маротаба фол очмагунимча бунга рози эмасман!” дейди. Сўнг яна уч маротаба фол ташланди. Фолнинг уч маротабасида ҳам чек туяларга чиқди. Инсонлар хурсанчиликдан такбир айтиб юборишди ва Абдулмуттолибни “Роббинг сендан рози бўлди!” дея табриклашади.
Туялар сўйилиб инсонлар ейиши ва ғамлаб қўйишлари учун қўйилди. Ундан инсон қаторида ҳатто йиртқич ҳайвонлар, қушлар манфаат олишди.
Аллоҳнинг қазои қадари бўлмаганда Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг оталари Абдуллоҳ қурбон бўлар эди. Лекин Аллоҳ худди Пайғамбаримизнинг катта боболари Исмоил алайҳиссаломни қурбонликдан сақлагандек оталари Абдуллоҳни ҳам ҳифзу ҳимоясида сақлаб қолди. Шу сабаб, азиз болажонлар, Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом “икки қурбонликнинг ўғли”, дея номланганлар. Аллоҳ Абдуллоҳни қурбонликдан қутқариб Қурайш аҳлининг қалбига қувонч ва шодлик киритди.
[1] Бу бутлар олдида ўтириб инсонларнинг ишлари ҳақида фол очувчи шахс.
[2] Найза фол ташлаш жоҳилият ишларидан бўлиб унда юпқа бир қарич ёғоч найзачаларга исмлари ёзилган инсонларга чек ташлангади. Кимнинг исми чиқадиган бўлса иш уни устида бажарилади.
“Ҳаяту Муҳаммад” китобидан
Рустам Охунд ва Охунжон Аҳмад таржимаси.